Ўзбекистоннинг учта ҳудудида кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жондор туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилди. Бу ҳақда Департамент Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

 

Унда “Ж.Т.” ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари Б.Т. “А.Қ.” МЧЖ раҳбари А.Ҳ. билан ўзаро тил бириктириб, тижорат банки филиалидан ажратилган 647 млн сўм кредит маблағларини 32 нафар фуқаронинг иссиқхона фаолияти билан шуғулланиши учун йўналтирмасдан, ушбу маблағларни молиявий ёрдам сифатида 3 та хўжалик юритувчи субъектининг ҳисоб рақамига ўтказиш орқали нақдлаштириб олганлиги аниқланган.

Шу каби, Департаментининг Қумқўрғон туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “G.Sh.” НТТ раҳбари К.М. ва бошқалар тижорат банки филиалидан хусусий шерикчилик асосида 100 ўринли замонавий мактабгача таълим ташкилоти қуриш учун ажратилган 1,6 млрд сўм кредитни ўзининг норасмий бошқариб келган “O’.-F.” МЧЖга ўтказиб, 356,7 млн сўмни расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш орқали ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.

Департаментнинг Деҳқонобод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса, “A.S.” фермер хўжалиги раҳбари Н.Н. ҳуддуий тижорат банкидан 12 нафар фуқарога чорва моллари етказиб бериш учун ажратилган 349,5 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш орқали ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Eng qaynoq xabarlar bilan TELEGRAM kanalda birinchilarda xabardor bo'ling.


Fikr qoldiring