Японияда содир бўлган зилзила қурбонлари сони 92 кишига етди

Япония ғарбидаги Ишикава префектурасида содир бўлган кетма-кет зилзила қурбонлари сони 92 кишига етди.

Япония метеорология агентлиги маълумотларига кўра, 1- 4 январь кунлари Ишикава префектурасининг шимолий қисмини ташкил этувчи Ното ярим оролида, шунингдек, қирғоқларда 4 дан 7 баллгача бўлган қатор зилзилалар содир бўлган.

5 январь куни яриморолда навбатдаги силкинишлар рўй берди: маҳаллий вақт билан соат 00:04 да 4,4 магнитудали, 08:06 да 4 балл, 09:27 да 4,1 ва 09:39 да 4,2 магнитудали ер силкинишлари давом этмоқда.
Ишикава префектураси губернаторлигининг маълум қилишича, зилзилалар оқибатида 300 дан ортиқ киши жароҳатланган, уларнинг барчаси даволанмоқда.

Минтақада 40 дан ортиқ одам вайроналар остида қолган. Префектурадаги 165 та мактаб ва бошқа муассасаларга қисман зарар етган. 

Ното ярим оролида давом этаётган кучли ёмғир кўчкиларни келтириб чиқариши мумкин. Одамлардан тоғ ёнбағирларидан узоқроқ туриш сўралган.

Зилзилалардан сўнг йўллар вайрон бўлди, 30 минг хонадон узлуксиз электр энергиясиз, 80 минг хонадон сувсиз қолди. 240 дан ортиқ одам бедарак йўқолганлар рўйхатида.

Ҳукумат қарорига кўра, минтақага қидирув-қутқарув ишлари учун юборилган Япония ўзини-ўзи мудофаа кучлари ходимлари сони 4600 нафарга кўпайтирилди. Вертолётлар сафарбар этилган.

Eng qaynoq xabarlar bilan TELEGRAM kanalda birinchilarda xabardor bo'ling.


Fikr qoldiring