Рафиқаси ва фарзандларидан айрилган журналист бу гал тўнғич ўғлини қабрга қўйди

7 январь куни Ғазо секторида Исроил бомбардимони оқибатида фаластинлик икки журналист – 27 ёшли Ҳамза Даҳдуҳ ҳамда 20 ёшли Мустафо Турайя ҳалок бўлди. Palestine Today телеканалининг икки журналисти эса жароҳатланган. Гуманитар ҳудуд деб белгиланган ҳудудда кетаётган ОАВ ходимларининг автомобилига Исроил армияси ракета билан зарба берган. Улар тинч аҳоли вакилларидан интервью олгани кетаётган эди.

Ҳамза Даҳдуҳ «Ал-Жазира»нинг таниқли журналисти, телеканалнинг Ғазодаги мухбирлик бюроси раҳбари Воил Даҳдуҳнинг тўнғич ўғлидир. Ғазода уруш бошлангандан буён Воил Даҳдуҳ ўрнини тўлдириб бўлмас йўқотишларга учрамоқда. 2023 йил 25 октябрь куни Исроил авиаҳужуми оқибатида унинг рафиқаси, қизи, ўғли ва набираси ҳалок бўлган эди. Улар халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра дахлсиз саналган қочқинлар лагерида жон сақлаётган эди.

Ота-ўғил журналистлар: дийдор қиёматга қолди.

Реклама на Unews

Декабрь ойида эса Исроил ҳужуми оқибатида Воил Даҳдуҳнинг ўзи жароҳатланган.

Тўнғич ўғлини ҳам тупроққа қўйган журналист мусибат ва йўқотишларга қарамай, дунё аҳлига Ғазода рўй бераётган ҳодисаларни кўрсатишда давом этишини маълум қилган.

«Ал-Жазира» раҳбарияти журналистларга қилинган суиқасдни кескин қоралаган ва айбдорларни жазолашга чақирган.

Реклама на Unews

The New York Times газетаси хабарига кўра, Исроил армияси томонидан журналистларнинг ўлдирилиши ҳақиқатни яшириш йўлидаги ҳаракат деб баҳоланган.

Яқинларидан айрилганига қарамай, ирода ва имон кучини намойиш этиб, журналистлик фаолиятини давом эттираётган Воил Даҳдуҳ Фаластин халқининг жасорати ва матонати тимсолига айланди.

Яқинларидан айрилган, Фаластин халқининг жасорати тимсолига айланган Воил Даҳдуҳ.

Ғазо сектори журналистлар ва уларнинг яқинлари учун дунёдаги энг хавфли ҳудуд бўлиб қолмоқда. 2023 йил  7 октябрдан буён Ғазода 109 нафар фаластинлик журналист ҳалок бўлди.

Маълумот ўрнида, 20 йил давомида Вьетнам урушида 63 нафар ва 6 йил ичида Иккинчи жаҳон урушида 69 нафар ОАВ ходими дунёдан кўз юмганди.

Аввал хабар берганимиздек, 2023 йил декабрь ойи бошида Исроил ташлаган бомбадан «Anadolu» ахборот агентлиги оператори Мунтазир ал-Савваф ва унинг ўнлаб яқинлари вафот этди.

Жабалия қочқинлар лагери бомбаланиши оқибатида эса «Ал-Жазира» телеканали Араб хизмати мухбири Мўмин ал-Шарафийнинг 22 нафар оила аъзоси – ота-онаси, ака-сингиллари, жиянлари ва бошқа қариндошлари ҳалок бўлди.

Eng qaynoq xabarlar bilan TELEGRAM kanalda birinchilarda xabardor bo'ling.


Fikr qoldiring