Президент браконьерлик учун жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилди

Йиғилишда вазирлар ва ҳокимлар тизим ташкилотлари томонидан экилган кўчатларнинг униб-ўсиши ва тўғри парвариш қилинишига алоҳида эътибор бериши лозимлиги таъкидланди.

Яна бир муҳим масала – сўнгги вақтларда дарёлар, табиий сув ҳавзаларида электр билан балиқ овлаш кўпайиб кетаётганига эътибор қаратилди. Бу йилнинг ўзида 39 та ҳолатда электр билан, 436 та тўр билан ноқонуний балиқ овлаш аниқланган.

Мутасаддиларга бу борада таъсирчан назорат ўрнатиб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди. Браконьерлик учун жавобгарликни кучайтириш таклиф қилинди.

Ҳудудларда ободонлаштириш, тозаликни таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилиниши белгиланди.

Ҳар бир вилоятдаги 2 тадан, жами 26 та туманда тажриба тарзида ободонлаштириш бошқармалари вазифалари хусусий шериклик асосида чиқинди корхоналарига ўтказилади.

Бунда, тадбиркорлар ўзига бириктирилган ҳудудда дарахт ва гуллар экиш, уларни парваришлаш, ариқларни тозалаш, кўчаларни ёритиш билан бирга чиқиндиларни олиб кетиш билан ҳам шуғулланади. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлар тумандаги умумий ободонлаштириш билан шуғулланади ва шунга яраша ҳақ олади.

Йил якунигача янги тажрибани синовдан ўтказиб, 2025 йилдан барча туман ва шаҳарларда йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Чиқинди полигонларини тартибга келтириш ва чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича ҳам янги тизим ташкил этилиши белгиланди.

Мавжуд 194 та полигондан ресурсини ўтаб бўлганлари ёпилади. Ҳар бир вилоятда 3-4 тадан чиқинди полигони махсус эко-саноат зонасига айлантирилади ҳамда уларда қайта ишлаш ва ёқиш лойиҳалари амалга оширилади.

Қолган полигонларда чиқиндини вақтинча тўплаб, қайта юклайдиган станциялар ишга тушади. Улар эко-саноат зонасини кафолатланган чиқинди массаси билан таъминлашга хизмат қилади. Мутасаддиларга инвестор топиб, ўз ҳудудида камида биттадан чиқиндини ёқиш заводи қуриш лойиҳасини бошлаш топширилди.

Eng qaynoq xabarlar bilan TELEGRAM kanalda birinchilarda xabardor bo'ling.


Fikr qoldiring