Марказий Осиё бурилиш даврини бошдан кечирмоқда – Тўқаев

Марказий Осиё ўз тарихида бурилиш даврини бошдан кечирмоқда, сиёсий ва иқтисодий алоқалар сезиларли даражада фаоллашган. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Қатар маслаҳат кенгаши аъзолари олдидаги нутқида айтиб ўтди. 

“Биз қадим замонлардан цивилизациялар ривожида муҳим роль ўйнаган, айни пайтда бугун ва келажакда ўзига хос имкониятларни очиб берадиган минтақа – Марказий Осиёнинг янги қиёфасини шакллантирмоқдамиз. Шу нуқтаи назардан, биз Қатар билан тўлиқ ҳамкорликка катта аҳамият берамиз. Қозоғистон бу йўлда бор куч-ғайратини ишга солишга тайёр”, дейди Тўқаев.

Шунингдек, у ўтган йили Жидда шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё + Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши”нинг биринчи саммити минтақалараро ҳамкорликни ривожлантирганини қайд этган.

Реклама на Unews

“Ишончим комилки, мазкур саммит якунлари сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги муносабатларни ва жаҳон миқёсида барқарор ривожланиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади”, дейди Президент.

Тўқаевнинг айтишича, Қозоғистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига раис сифатида кузатувчилар ва мулоқот бўйича ҳамкорлар, жумладан Қатар билан ҳамкорликни фаоллаштиришни режалаштирмоқда.

Маълумот учун, Қосим-Жомарт Тўқаев 13 февраль куни Қатарга етиб борган, уни Доҳадаги “Ҳамад” халқаро аэропортида Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний кутиб олган. 14 февраль куни Қосим-Жомарт Тўқаев Қатар Амирининг “Дивон Амирий” саройига борди. У ерда етакчиларнинг тантанали учрашуви бўлиб ўтди. Тўқаев Қозоғистон ва Қатар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришни таклиф қилди. Шунингдек, Қозоғистон Президенти ва Қатар Давлати Амири ўртасидаги музокаралар якунлари бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди.

Реклама на Unews

Эслатиб ўтамиз, ташриф давомида Тўқаевга Қатар давлати асосчиси шайх Жосим бин Муҳаммад бин Сонийнинг қиличи топширилганди.

Eng qaynoq xabarlar bilan TELEGRAM kanalda birinchilarda xabardor bo'ling.


Fikr qoldiring