ДХХ Россия, Туркия ва Қирғизистондан олиб кирилган катта миқдордаги сохта АҚШ долларини ушлади (видео)

Қалбаки чет эл валюталарининг муомалага чиқарилишига чек қўйилди, дея “darakchi.uz”га хабар қилмоқда ДХХ матбуот хизмати.  

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Сурхондарё вилоятида яшовчи, 1993 й.т. шахс 50 АҚШ доллари купюраларидан иборат бўлган қалбаки 19250 АҚШ долларини ҳақиқий 10 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Терговга қадар текширув давомида, у Россия Федерациясидан олиб келинган ушбу қалбаки купюраларни Қашқадарё вилоятида яшовчи, 1991 й.т. фуқародан келгусида ўтказиш мақсадида сотиб олганлиги аниқланиб, у ҳам қўлга олинди.

Реклама на Unews

Бу йўналишда ДХХ ходимлари Андижон шаҳрида ҳам Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказишди.

Унда Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи, 1981 ва 1982 йилларда туғилган 2 нафар шахс қалбаки 500 минг АҚШ долларини харидор билан ҳақиқий 325 минг АҚШ долларига айирбошлашга келишиб, дастлаб унга намуна сифатида Қирғиз Республикасидан олиб келинган 100 АҚШ доллари купюраларидан иборат қалбаки 7600 АҚШ долларини ҳақиқий 5 минг АҚШ долларига сотган вақтларида қўлга олинди.

ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ИЖҚКД ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Чилонзор туманида жойлашган “Эркин” ЙПХ масканида “Ласетти” русумли автомашинани тўхтатилди.

Реклама на Unews

Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Бухоро шаҳрида яшовчи, 1973 й.т., муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган шахснинг ёнида 100 АҚШ доллари купюраларидан иборат қалбаки 8900 АҚШ доллари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Маълум бўлишича, мазкур фуқаро Туркияда тайёрланиб, Қирғиз Республикаси орқали Ўзбекистонга олиб келинган ушбу қалбаки хорижий валютларни келгусида сотиб, даромад топиш мақсадида Тошкент шаҳрига келаётган бўлган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 176-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Eng qaynoq xabarlar bilan TELEGRAM kanalda birinchilarda xabardor bo'ling.


Fikr qoldiring