БМТда Россия ва Украина дипломатлари тортишди

БМТ Хавфсизлик кенгашида Россия ва Украина дипломатлари Ил-76 ҳарбий самолётининг ҳалокатга учраши мавзусида тортишди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

"Бугунги кунда бизда мавжуд бўлган барча маълумотлар биз қасддан, пухта ўйланган жиноят билан шуғулланаётганимизни кўрсатади. Украина раҳбарияти аскарларни олдиндан келишилган жойга олиб бориш йўли ва усулларини яхши биларди", дея иддао қилган Россия Федерациясининг БМТдаги вакили ўринбосари Дмитрий Полянский.

Шу билан бирга, у Украинани “Ғарбнинг геосиёсий манфаатлари йўлида ўз фуқароларини қурбон қилишга тайёр”ликда айблаган.

Реклама на Unews

Ўз навбатида, Украинанинг БМТдаги вакили ўринбосари Кристина Гайовишин Украинага маҳбусларни ташишда фойдаланиладиган транспортнинг сони ва тури ҳақида маълумот берилмаганини айтган.

"Бунинг ўзи Россиянинг маҳбуслар ҳаёти ва хавфсизлигини хавф остига қўйишга қаратилган қасддан ҳаракатларини кўрсатиши мумкин. Агар самолёт бортида украиналик ҳарбий асирлар бўлганлиги ҳақидаги маълумот тасдиқланса, бу Россия томонидан халқаро гуманитар ҳуқуқнинг жиддий бузилиши бўлади”, дейди Гайовишин.

Маълум қилинишича, самолёт ҳалокатига доир БМТ Хавфсизлик Кенгашининг йиғилиши Россиянинг илтимосига биноан бўлиб ўтган.

Реклама на Unews

Шунингдек, ушбу йиғилишда АҚШнинг БМТдаги элчиси ҳам фикр билдирган.

"Россия бир неча бор бу бемаъни ва сингдирилган уруш фожиалари учун масъулиятни бошқалар зиммасига юклашга уриниб кўрди, гўё у тажовузкор эмас, қурбон бўлгандек", дейди АҚШнинг БМТдаги элчиси ўринбосари Роберт Вуд.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январь куни эрталаб Белгород вилоятида ҳалокатга учради. Россия Мудофаа вазирлигининг даъво қилишича, бортда Белгородга алмашиш учун олиб кетилаётган 65 нафар украиналик ҳарбий асир, шунингдек, олти экипаж аъзоси ва уч нафар ҳамроҳ бўлган. Уларнинг барчаси, Россия расмийларига кўра, вафот этган. 

Россия Мудофаа вазирлиги Ил-76 ҳалокатини теракт деб атади ва бунда Украина ҳарбийларини айблади. Украина ҳукумати ҳалокат учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Украина ҳарбий разведкаси 24 январь куни Москва ва Киев асирларни алмашишга тайёрланаётганини тасдиқлади ва Украина томонида Ил-76 бортида ким бўлгани ҳақида ишончли маълумотлар йўқлигини қўшимча қилди.

Аввалроқ Владимир Зеленский самолёт ҳалокати бўйича халқаро тергов ўтказилишини талаб қилганди. Унга жавобан Россия томони бу “Киев режимининг жиноий ҳаракатлари” бўйича тергов сифатида қаралсагина рози бўлишини маълум қилди.

Eng qaynoq xabarlar bilan TELEGRAM kanalda birinchilarda xabardor bo'ling.


Fikr qoldiring