Ўзбекистонда «ихтисослашган тутинган оила» тизими жорий этилади

Йиғилишда ота-она меҳрига муҳтож болаларга ғамхўрлик масалалари кўриб чиқилди.

Бугунги кунда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни эътибордан четда қолдирмаслик учун кенг кўламли ишлар олиб борлмоқда. Шунга қарамай, қуйи бўғиндаги эътиборсизлик оқибатида жойларда қаровсиз қолиб кетган болалар аниқланаётгани қайд этилди. Ҳозирда уларга васийлик белгиланмоқда.

Шунингдек, ота-онаси миграцияда бўлган, ноқулай ижтимоий муҳитдаги оилаларда тарбияланаётган, руҳий-жисмоний ривожланишида хусусиятлари бор болаларга ёрдам тизимини такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Реклама на Unews

Бундан буён жойларда васийлик, ҳомийлик, патронатга олинган ҳамда оилавий болалар уйларидаги болалар билан маҳалладаги ижтимоий ходимлар шуғулланиши белгиланди.

Улар ота-она ўрнини босувчи шахслар бола олдидаги мажбуриятини қай даражада бажараётганини мониторинг қилиб, баҳолаб боради.

Бунинг учун ҳокимликлар ҳузуридаги Васийлик ва ҳомийлик комиссиялари тугатилиб, уларнинг ваколати «Инсон» марказларига ўтказилади.

Реклама на Unews

Соғлиғи, ҳаёти хавф остида бўлган, етим ва назоратсиз қолган болаларни қарамоғига олиш бўйича «ихтисослашган тутинган оила» тизими жорий этилади.

Тутинган оила махсус сертификатга эга 30 ёшга тўлган одамлар томонидан ташкил этилиб, унга 3-5 нафаргача болалар қабул қилинади.

Ихтисослашган 160 та таълим муассасасида босқичма-босқич «ғамхўрлик» гуруҳлари ташкил қилинади. Яъни, оғир касаллиги бор болаларга шу гуруҳларда қараш орқали, ота-оналарига ишлаши учун шароит яратиб берилади.

Ота-онасидан айрилган ёшларни ҳаётда ўз ўрнини топиб кетиши учун кўмаклашиш тизими ҳам ўзгаради. Эндиликда «Ёшларга ҳамроҳлик» дастури асосида бундай ёшларни қўллаб-қувватлаш 23 ёшгача этиб белгиланади (ҳозирда 18 ёш).

Йиғилишда Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари ишини ўзгартириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу марказларни тарбияси оғир болаларнинг муаммолари билан ишлаб, уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш бўйича комплекс ижтимоий хизмат кўрсатадиган масканга айлантириш лозимлиги қайд этилди.

Мутасаддиларга бундай марказларни «Ҳаёт мактаби» сифатида қайта ташкил этиш топширилди.

Eng qaynoq xabarlar bilan TELEGRAM kanalda birinchilarda xabardor bo'ling.


Fikr qoldiring